ИНГЛИЗ ТИЛИНИ КАСБИЙ ЙЎНАЛТИРИЛГАН ҲОЛДА ЎҚИТИШНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ

Автор:adminurazbaev

ИНГЛИЗ ТИЛИНИ КАСБИЙ ЙЎНАЛТИРИЛГАН ҲОЛДА ЎҚИТИШНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ

ИНГЛИЗ ТИЛИНИ КАСБИЙ ЙЎНАЛТИРИЛГАН ҲОЛДА ЎҚИТИШНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ

Уразбаев Ҳ.И.

Гулистон давлат университети

         Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти ва жаҳон ҳамжамияти учун хос бўлган халқаро алоқалари кўламининг кенгайиши, иқтисодиётнинг глобаллашуви олий таълим муассасалари битирувчиларидан, яъни олий маълумот эга мутахассислардан хорижий тилда эркин мулоқот қила олиш кўникма ва малакаларининг мавжудлигини талаб қилмоқда. Инглиз тилида халқаро алоқаларни, ҳалқаро мулоқотни муваффақиятли амалга ошира биладиган, ундан касбий мулоқот воситаси сифатида фойдалана оладиган мутахассисларни тайёрлаш жаҳон меҳнат бозорида биз тайёрлаган мутахассисларнинг рақобатбардошлигини таъминлабгина қолмай, уларга яхши ишларга жойлашиш имкониятларини очиб беради ва касбий ҳамда шахсий ривожланиш истиқболларини кафолатлайди.

         Хорижий тил ўзида шахс камолотида муҳим ўрин эгалловчи ва жамият эҳтиёжларига мос келувчи катта салоҳиятни мужассам этади. Чет тилларни ўқитиш нафақат чет тили ҳақидаги билимларни тақдим этишгина эмас, балки мустақил таълим олишга тайёр, ижодий фикрлай оладиган ва ўз юртининг, тили ўрганилаётган мамлакатнинг маданий меъросини ҳамда уларнинг жаҳон тарихида тутган ўрнини англай оладиган лисоний шахсиятнинг шаклланишига таъсир кўрсатувчи омил ҳамдир.  Чет тили шахснинг интеллектуал, маданий ва касбий камолотида муҳим рол ўйновчи манба ва жамиятнинг иқтисодий, илмий-техникавий, ҳамда маданий тараққиётида муҳим ўрин эгалловчи фактор ҳамдир.

         Замон талабларига мос бўлган етук мутахассисларни тайёрлаш бўлса, чет тилларни мукаммал билишни талаб этмоқда. Шунинг учун ҳозирда методист олимлар учун олий ўқув юртларида чет тилларни касбий йўналтирилган ҳолда ўқитиш бўйича инновацион тизимларни ишлаб чиқиш долзарб масалалрдан бирига айланиб бормоқда. Бундай тизим ўз навбатида:

  • жамият ва шахс манфаатларига мос бўлиши, чет тилларнинг келгуси касбий фаолиятларида тутган ўрнини ва ушбу тилнинг функционал аҳамиятини англовчи талабаларда чет тилини ўрганишга бўлган мотивацияни кучайтириши;
  • чет тилларни билишнинг умумий даражасини кўтаришга кўмаклашиши;
  • талабаларни касбий тайёрлаш тизимида чет тилларни ўқитишнинг мақсадлари, вазифалари, усуллари ва воситаларини янада тавсифлаш имконини бериши;
  • ўқитувчи ва талабалар касбий фаолиятининг ҳусусиятларини очиб бериши;
  • олий таълим муассасаларида ва касб-ҳунар коллежларида чет тилларни ўқитишда мавжуд бўлган қарама-қаршиликларни енгиш имконини бериши керак бўлади.

         Талабаларга чет тилларни касбий йўналтирилган ҳолда ўргатишнинг тизимини ишлаб чиқиш, ўзида максимал даражада шахс манфаатларини намоён этади ва шу билан янги ижтимоий буюртмани бажаришга йўналтирилган бўлади.

         Чет тилини касбий йўналтирилган ҳолда ўргатиш, бутун меҳнат фаолияти давомида фаол ҳаётий нуқтаи назарига эга мутахассис шахсиятининг шаклланишига туртки бўла олиши керак. Бунинг учун чет тили ўқитувчиси бўлажак мутахассисга зарур бўлган кўникма ва малакаларни шакллантирувчи ва ривожлантирувчи шундай ўқув-услубий муҳитни яратиши керакки, кейинчалик бу муҳит талабада чет тилини ўрганишга бўлган қизиқиш орқали ўз касбига бўлган қизиқишни ҳам кучайтирмоғи зарур.

         Таълим муассасаларида инглиз тилидаги материалларнинг талабалар томонидан яхши ўзлаштирилишига эришиш учун:

  • талабаларда чет тилини ўрганишга иштиёқнинг талаб даражасида бўлиши;
  • чет тилларига ўқитиш жараёнининг коммуникатив йўналтирилган бўлиши;
  • ўқитувчининг ўқитиш методларини танлашга ижодий ёндошиши;
  • оғзаки машқлар қилиш ва чет тилида мулоқотга ўргатиш машғулотлари давомида қулай психологик муҳитнинг яратилиши;
  • ўқитишнинг турли ҳил воситаларининг мавжудлиги ва улардан ўқитиш давомида мунтазам фойдаланиш имкониятининг яратилиши;
  • инглиз тилини ўрганишда синф ва синфдан ташқари ижодий ишларнинг ҳамжиҳатликда олиб борилишига эришилмоғи лозим.

         Чет тилларни ўқитишда юқорида таъкидланган талабларни инобатга олиш олий таълим муассасаларида чет тилига фан сифатида ёндошувнинг шакл ва мазмун жиҳатидан ўзгаришига олиб келади. Жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида олий таълим муассасаларида, ҳамда касб-ҳунар таълими муассасаларида “Чет тили” курсининг асосий мақсади талабаларни хорижий тилда хизмат юзасидан мулоқот қила олишга ўргатиш ҳисобланмоқда.

         Инглиз тилини касбий йўналтирилган ҳолда ўқитиш – бу 1960 йиллар охирида вужудга келган илмий йўналиш ҳамда таълим олувчиларнинг таълимий эҳтиёжларига ва жамиятнинг ижтимоий буюртмасига жавоб берувчи таълим хизматидир.

         ESP (English for Special Purposes) қисқартмаси ҳозирда инглиз тилини касбий йўналтирилган ҳолда ўқитиш назариётчилари ва амалиётчилари илмий доирасига кирган атама ҳисобланади. Инглиз тилини “English for Special Purposes” сифатида ўқитиш нафақат унинг методикасига, балки чет тили мазмунига ҳам янгича ёндошув билан қарашни талаб қилади.

Об авторе

adminurazbaev administrator

Оставить ответ